15−16 сентябрь кунлари Германия федерал канцлери Олаф Шольц Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Музокаралар чоғида мамлакатлар миграция соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим туздилар.
Бандлик вазири Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон 24» нашрига берган интервьюсида келишувни «шаффоф, уюшган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш йўлидаги биринчи қадам» деб атади.
Жумладан, Globogate компанияси иштирокида тиббиёт ходимларини тайёрлаш йўлга қўйилади.
«Жорий йилда 800 дан ортиқ ҳамшира Ўзбекистондан Германияга уюшган ҳолда боради», — деди Мусаев.
Улардан 400 нафар ҳамшира аллақачон Германияда, қолганлари эса тил имтиҳонларини топширмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳамшираларнинг маоши 2200 евродан бошланади.
Шунингдек, Deutsche Bahn билан ҳамкорликда темир йўл машинистлари ва автобус ҳайдовчиларини тайёрлашни ташкил этиш кўзда тутилган. Келишув орқали ўзбекистонликлар тиббиёт, машинасозлик ва бошқа соҳаларда Германиянинг юқори технологияларини ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Вазирнинг қўшимча қилишича, миграция бўйича битимни тайёрлаш бир йилга чўзилган, ҳужжат «10, 20 ёки 30 йилга» узоқ муддатли шерикликни назарда тутади.
Euronewsʼнинг таъкидлашича, келишув Ўзбекистондан малакали мутахассисларнинг киришини осонлаштиради ва қонуний мақомга эга бўлмаган шахсларни тезлаштирилган тарзда депортация қилишни назарда тутади — дпа маълумотларига кўра, Германиядаги 13,7 минг ўзбекистонликдан 200 га яқини шундай.
«Биз иқтисодиётнинг ўсишини таъминлаш учун юқори иқтидорли одамларга кириш имкониятини яратмоқдамиз. Шунингдек, биз мамлакатимизда қололмайдиганлар қайтиб келиши учун бюрократияни қисқартирамиз», — деди Шольц.