Ўзбекистонда каналларни бетонлашга 800 млрд сўм ажратилади

O‘zbekiston

2025 йилда каналларни бетонлашга 800 млрд сўм йўналтирилади. Сув таъминотини яхшилаш ва янги микро ГЭСларни ишга тушириш мақсадида 18 минг километр магистраль ва 94 минг километр ички каналлар бетонлаштирилади.

7 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигида йўқотишларни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилда 550 км канал ва ариқларни бетонлаш ҳисобига 200 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланди, бу эса йилига 450 млн куб метр сувни тежаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда 75 та йирик канални бетонлашга давлат буджетидан қарийб 700 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, фермер ва кластерлар томонидан 13 минг километр ички тармоқлар бетонлаштирилди.

Йиғилишда яна 18 минг километр магистраль ва 94 минг километр ички каналларни бетонлаш зарурлиги айтилди. Бу ишлар учун келгуси йилда 800 миллиард сўм ажратилади.

Қайд этилишича, ўтган йили техника, ишчи кучи ва қурилиш материаллари билан таъминлашни ўз ичига олган қўллаб-қувватлаш туфайли бетонлаш харажатларини икки бараварга қисқартиришга эришилди. Цемент етказиб бериш бўйича пудратчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали таннархни қўшимча 20%га камайтириш мумкин.

Шунингдек, бетонланган каналларда сув оқими тезлашиб, кичик гидроэлектр станцияларини қуриш имконияти яратилгани таъкидланди. Навоий вилоятида умумий қуввати 11 мегаватт бўлган 148 та шундай станция қурилиши бошланди. Келгусида 2 мингта микроГЭС қуриш режалаштирилган бўлиб, бу йилига қўшимча 600 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Президент бундай лойиҳаларда иштирок этиш шартларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга етказиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Mavzuga oid materiallar