Ўзбекистон 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракат дастурини тасдиқлади

O‘zbekiston

Ҳукумат режасига кўра, ЯИМ 200 млрд долларга ва аҳолининг ўртача даромади 5 минг долларга етказилиши кўзда тутилган. Инвестицияларни жалб этиш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда инфратузилмани замонавийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Дастурда инновациялар, IT ва туризмни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган бўлиб, экология ва ижтимоий соҳага устувор аҳамият берилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси раиси мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган стратегик режани эълон қилди. Дастурнинг асосий мақсади ҳукуматни самарали «халқ хизматкори»га айлантириш ва иқтисодиётнинг сезиларли ўсишига эришишдан иборат.

Асосий вазифалар қаторига ЯИМни 200 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш киради. Бунинг учун 110 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, экспортни 45 миллиард долларга ошириш ва 150 миллиард долларлик 500 та йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 60 фоизга етказиш ва йиллик иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 миллион тоннага камайтириш кўзда тутилган. Экологик дастур доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ва 19 миллиард куб метр газ тежаш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш каби замонавий технологияларга эътибор қаратилган бўлиб, бу сув ресурсларини 20 фоизга тежаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш имконини беради.

Транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, жумладан, Тошкентда янги аэропорт қуриш, замонавий автобуслар харид қилиш ва Хитой–Қирғизистон– Ўзбекистон темирйўл лойиҳасини якунлаш мўлжалланган.

Ижтимоий соҳада 2027 йилга қадар 750 минг оилани уй-жой билан таъминлаш, олий таълим қамровини 50 фоизга етказиш ва давлат тиббий суғуртасини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, иш ўринлари яратиш ва касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш орқали ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган.

Стратегияда инновациялар ва IT-технологиялар марказий ўринни эгаллайди. IT-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 5Г тизимини жорий этиш, сунъий интеллектни ривожлантириш ва космик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Туризм иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши кўзда тутилган: хорижий сайёҳлар оқимини йилига 15 миллион кишига етказиш ва туризмнинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Mavzuga oid materiallar