Мирзиёев «Янгиҳаёт» технопарки ва қурилаётган «Янги авлод» саноат зонасига ташриф буюрди

O‘zbekiston

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида бунёд этилаётган «Янги авлод» махсус саноат зонасига ташриф буюрди ва сўнгра «Янгиҳаёт» индустриал технопаркига йўл олди. Президентга ҳудудларда амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар тақдим этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилаётган «Янги авлод» махсус саноат зонасида бўлди.

Мамлакатда саноат ва тадбиркорлик ривожлангани сари қўшимча шароитларга эҳтиёж туғилмоқда. Давлат раҳбарининг шу йил 20 мартдаги қарори билан ташкил этилган мазкур саноат зонаси яна кўплаб корхоналарга жой бўлади.

Ҳудуд иқтисодиётида катта ўринга эга бўлиши кутилаётган мажмуа майдони 764 гектар. Айни пайтда инфратузилма тармоқлари барпо этилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик ва кимё саноати каби йўналишларда 1 миллиард 375 миллион долларлик 47 та лойиҳа жойлаштирилади. Уларда 12 мингтага яқин янги иш ўрини яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент таъкидлаганидек, корхоналарда халқаро брендлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хусусан, DP World, JAC Motors, Krantas, Acec Japan, East Can Solutions, EAS ва Evyap каби нуфузли компаниялар ҳамкорлигида қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Давлат раҳбарига шундай лойиҳалардан айримлари тақдимот қилинди.

Хусусан, Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан саноат зонасини бошқариш, инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма объектларини барпо қилиш кўзда тутилган. JAC Motors компанияси тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 135 миллион долларлик бу лойиҳа натижасида 2 мингта янги иш ўрни яратилади.

Япониянинг Аcес Japan компанияси билан ҳамкорликда 9 миллион долларлик офис учун ўриндиқ ва мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.

Бирлашган Араб Амирлигининг DP World компанияси билан эса транспорт-логистика марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудда лаборатория, тадқиқотлар маркази, конференция заллари ҳамда савдо зонаси ташкил этилади. Шунингдек, дуал таълим йўлга қўйилиб, саноат корхоналари учун керакли мутахассислар шу ернинг ўзида тайёрланади.

«Охирги йилларда ялпи ички маҳсулотимиз икки баробар ўсиб, бу йил 110 миллиард долларга етаяпти. Энди буни 200 миллиард долларга етказишга марра олдик. Инвесторларнинг лойиҳалари учун барча шароитларни яратиб бермасак, бу кўрсаткичга етолмаймиз. Тошкент шаҳри бунда ҳам намуна бўлиши керак», — деди президент.

Мутасаддиларга лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва рақамлаштириш, энергия тежамкорликка аҳамият қаратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги «Янгиҳаёт» индустриал технопаркида бўлди.

Янгиҳаёт туманида 184 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Сўнгги йилларда кўплаб янги уйлар қурилиб, оилалар кўчиб келди. Улар учун шу яқин атрофда иш ўринлари ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг 2021 йил 4 февралдаги қарори асосида барпо этилган «Янгиҳаёт» технопарки шу мақсадга қаратилган. Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қурилиш майдони ва бўлажак лойиҳалар билан танишган эди. Технопарк учун 110 гектар майдон ажратилган. Ҳозир бу ерда 101 миллион долларлик 8 та корхона ишга туширилган, 520 та иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари уларнинг айримларини кўздан кечирди. Масалан, Алмерро Груп масъулияти чекланган жамиятида Krember бренди остида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун 3 гектар ер ажратилган, 22 миллион доллар йўналтирган. Италия, Испания ва Туркия давлатларидан келтирилган илғор технология ўрнатилган. Корхонада йилига 320 миллиард сўмлик 80 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Маҳсулотларнинг 15-20 фоизи Хитой ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қиймати 21 миллион долларлик Vera Modern Elektrical корхонаси 600 турдаги кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш, 4 миллион долларлик экспорт қувватига эга. Муҳими, маҳсулотларнинг 35-40 фоизи импорт ўрнини босади ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди.

«Кейинги йилларда тадбиркорларга яратилган шароитлар бугун ўз натижасини бераяпти. Ўзимизнинг ишбилармонлар мана шундай кўп хилда ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараяпти. Бу имкониятларни ҳар йили кенгайтириб борамиз. Чунки тадбиркор иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш фаолияти учун тайёр бино-иншоотлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди. Технопарк ичида Mimar Group компанияси томонидан икки қаватли мажмуа қурилиб, кичик корхоналар ва ҳунармандларга муддатли тўлов асосида сотилмоқда. Уларнинг ҳар бирида алоҳида ишлаб чиқариш ва кўргазма майдонлари бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги кунда шундай биноларда умумий қиймати 3 миллион долларлик 4 та лойиҳа - эшик-ромлар, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш учун профиллар ва қуёш панеллари корхоналари иш бошлаган.

Mavzuga oid materiallar