Қашқадарёда Ўзбекистон–Германия касб-ҳунар билим юрти ташкил этиш режалаштирилмоқда

O‘zbekiston

Қашқадарё вилоятида Германия билан ҳамкорликда касб-ҳунар билим юрти ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур ихтисослаштирилган таълим муассасасида қурилиш, машинасозлик ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа касблар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Шавкат Мирзиёев февраль ойида бўлиб ўтган йиғилишда касб-ҳунар таълими соҳасини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берганди. Жумладан, Буюк Британия ва Германия намунасидаги энг кўп талаб қилинадиган профессионал стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Ўтган ҳафта Германиянинг Лейпциг шаҳрида амалий ташриф билан бўлган минтақавий делегация Avestos офисига ташриф буюрди. Меҳмонлар корхона раҳбарияти билан касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш мавзусида музокаралар олиб борди.

Avestos вакилларига Қашқадарёда экспериментал касб-ҳунар мактаби очиш лойиҳаси тақдим этилди. Немис ўқув дастурлари ва технологиялари асосида ўқув жараёнини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Бўлажак мактабда қурилиш, машинасозлик, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар учун мутахассислар тайёрланиши кутилмоқда. Бу ерда немис тили дарслари ҳам таклиф этилади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладилар. Шунингдек, делегация дуал тизим бўйича Германияда малака ошираётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.