НАТОнинг навбатдаги бош котиби Нидерландия бош вазири Марк Рютте бўлади. Бу унинг ягона рақиби, Руминия президенти Клаус Йоханнис ўз номзодини қайтариб олиши ҳақида альянс мамлакатларига хабар берганидан кейин маълум бўлди.
Рютте ваколати октабр ойида тугайдиган амалдаги бош котиб Йенс Столтенберг ўрнини эгаллайди.
20 июнь куни альянснинг барча 32 аъзоси Рютте номзодини маъқуллади. Бироқ у июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТОнинг навбатдаги саммитидагина расмий маъқулланади.
57 ёшли Рютте бу лавозимни Россия Украинага бостириб киришини давом эттираётган қийин шароитда эгаллайди ва агар Дональд Трамп Оқ уйга қайтса, Қўшма Штатлар молиялаштириш ва НАТО ролини қисқартириши мумкин.
Трамп НАТОнинг бошқа давлатларини мудофаа учун бюджетнинг зарур бўлган 2 фоизини сарфламагани учун бир неча бор танқид қилган. Бироқ Украинада уруш бошланганидан бери Европа давлатлари мудофаа бюджетларини сезиларли даражада оширган.
Амалдаги бош котиб Столтенберг ўтмишда Европа вазиятга прагматик муносабатда бўлиши ва Оқ уйда ким бўлса ҳам у билан ишлаш кераклигини айтганди.
Рютте сиёсатдан кетишини эълон қилганидан кейингина альянснинг юқори лавозимига номзод сифатида қатнаша олди.
Ўтган июль ойида, ҳукмрон коалиция парчаланганидан сўнг у муваққат ҳукуматни бошқаришда давом этишига, бироқ бошқа сайловларда қатнашмаслигига ваъда берганди.
Янги коалиция Нидерландияда май ойи охирида бўлиб ўтган умумий сайловлардан сўнг тузилган. Уни тузган тўрт партия Дик Шуфнинг бош вазирликка номзоди бўйича келишиб олди, бу эса Рюттенинг истеъфога чиқишига имкон берган.
Европа сиёсатининг энг юқори чўққисида 14 йил ишлагани ва Украинани доимий қўллаб-қувватлаганлиги ҳисобга олинса, Рютте номзоди НАТОнинг аксарият давлатлари, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия каби альянснинг асосий аъзолари томонидан ижобий қабул қилинди.