Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япония ва Туркия делегациялари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров, Япониянинг Sojitz корпорацияси бош ижрочи директори Масаёши Фужимото, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) президенти Тадаши Маеда, шунингдек, Туркиянинг Rönesans International компанияси директори Каан Кемал Экермен иштирок этди.
Мазкур учрашув Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Тошпўлатов бошчилигидаги делегациянинг жорий йил июнь ойида Японияга ташрифи чоғида эришган келишувларнинг давоми бўлди.
Бу мамлакатлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, уларда қўшма таълим дастурлари асосида бўлажак мутахассислар тайёрланади.
Бундан ташқари, ушбу мамлакатларнинг нуфузли компаниялари билан инвестиция лойиҳалари, давлат-хусусий шериклик ва грант дастурлари бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Меҳмонлар мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий инвесторлар ва хусусий сектор вакиллари учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади. Охирги 8 йилда мамлакатда хусусий шифохоналар сони 2,7 баробарга кўпаймоқда, ҳар йили бу рақам ўртача 500-600 тага кўпаймоқда.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Япониянинг Sojitz корпорацияси ва Туркиянинг Rönesans International компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Самарқанд вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида 800 ўринга мўлжалланган кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 300 миллион долларни ташкил этади. Клиниканинг қурилиши 2025 йилда бошланиши режалаштирилган.