Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, вилоят тараққиёти билан яқиндан танишиш мақсадида 11 июль куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакат транспорт инфратузилмаси фаол ривожланмоқда. Авиация соҳасида Самарқанд, Термиз, Мўйноқ ва Зомин аеропортлари янгиланиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Тошкент ва Урганч шаҳарларидаги халқаро аеропортларни таъмирлаш, «Тошкент-Шарқий» аэропортини реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг март ойида Қўқон шаҳридаги аэропорт қайта ишга туширилди. Бугун у ерга Ўзбекистон Президентининг самолёти қўнди.
1977 йилда қурилган аэропорт дастлаб қисқа рейслар учун мўлжалланган эди. Кейинчалик у фақат ҳаво кучлари томонидан ишлатилган. Модернизация туфайли бу ерда фуқаро авиациясининг парвозлари қайта йўлга қўйилмоқда.
Давлат раҳбари аэропортда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Аэропортда 100 йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилди, учиш-қўниш йўлаги янгиланди. Бундан ташқари, замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилди. Натижада аэропорт А320-200 ва ATR 72-600 самолётларини қабул қила олди.
Президент энди бу аэропорт халққа муносиб хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Парвозлар сонини кўпайтириш, фойдаланиш қулайлиги ва хизматларнинг арзонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ички туризм имкониятларидан фойдаланиш ва халқаро парвозларни ташкил этишнинг кенг истиқболлари қайд этилди.