Фарғона шаҳрида поезд чипталарини харид қилишда воситачилик хизматлари учун истеъмолчилардан ноқонуний равишда 1,3 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилди, деб хабар беради Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Текширув давомида маълум бўлишича, 2023 йил давомида «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти Фарғона филиали томонидан вокзалларда 606 минг 380 дона чипта сотилаётганда воситачилик хизматлари учун 660 миллион сўмга яқин ортиқча тўлов ундирилган.
Худди шундай ҳолатда «Шаҳар атрофи йўлчи ташиш»нинг Фарғона филиали томонидан 2024 йил 1 январдан 24 июлгача 185 806 дона чипта сотилиши вақтида 560 миллион сўмга яқин ортиқча тўлов ундирилган.
Бунда жами 792 186 нафар истеъмолчидан 1,3 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилди.
Қўмита махсус комиссияси томонидан «Ўзтемирйўлйўловчи» ва «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» корхоналарига шаҳарлараро ва шаҳар атрофида йўловчи ташиш учун ортиқча ундирилган тўловларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида фармойиш чиқарилди, шунингдек, жарималар белгиланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва келгусида содир этилишининг олдини олиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.