Олмалиқ шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари мактаб ҳудудида фильтрланмаган сув истеъмол қилгандан сўнг соғлиғининг ёмонлашишига шикоят қилишди, деб хабар беради Болалар омбудсмани матбуот хизмати.
15-19 сентябрь кунлари 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига шубҳа билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.
Ҳозирда ўқувчиларнинг соғлиғи барқарор бўлиб, 7 нафарига уйда даволаниш учун жавоб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари томонидан текширув ўтказилмоқда: кимёвий таҳлил учун сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа материаллар намуналари олинган.
Шунингдек, мазкур ҳолат вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, ҳодиса шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.