Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик йўллади. Давлат раҳбари Трампга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли лавозимда катта муваффақиятлар тилади.

Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Дональд Трампни сайловдаги ғалабаси ва Америка Қўшма Штатлари президенти этиб сайлангани билан табриклади, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Америка Қўшма Штатларининг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотлага кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлашини таъкидлади.

«Айнан Сизнинг илк президентлик даврингизда, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокараларимиздан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланган эди», — деб таъкидлади у.

Мактубда Ўзбекистон бундан кейин ҳам Трамп бошчилигидаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришдан, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдор экани қайд этилди.

«Шунингдек, «С5+1» платформаси ва «Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими» доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, банк-молия, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, инновация, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклигимиз ривожланиб, қўшма лойиҳалар билан самарали бойиб боришини таъкидлади.

«Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ушбу тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, бошланаётган масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-тотувлик ва бардавом тараққиёт тилаб қоламан», — дея якунлади Ўзбекистон президенти.

Mavzuga oid materiallar