Ўзбекистон Кимберли жараёнини сертификатлаштириш схемасига қўшилди

O‘zbekiston

Ўзбекистон ноқонуний қазиб олинган олмослар савдосига қарши курашишга қаратилган Кимберли жараёнини сертификатлаштириш схемасининг иштирокчиси мақомини олди.

Ўзбекистон олмосларни сертификатлаш бўйича Кимберли жараёнига аъзо бўлди. Бу ҳақда ИССВ матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик делегацияси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Асиллик даражаси назорати инспекцияси ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси вакиллари билан биргаликда Кимберли жараёнининг 21-ялпи мажлисида иштирок этди. У 12−15 ноябрь кунлари Дубайда бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг Кимберли жараёнига қўшилиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди ва маъқулланди. Октябрь ойида республикага ташриф буюрган Бутунжаҳон олмос кенгаши ва иштирокчи мамлакатлар экспертлари жараённинг минимал талаблари бажарилишини «юқори баҳолади».

ИССВ таъкидлашича, схемага қўшилиш маҳаллий заргарлик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жаҳон бозорида ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу хорижий тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.

1 ноябрдан Ўзбекистонда импорт заргарлик буюмларини божхона йиғимлари тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатларсиз сотиш тақиқланади (1 сентябргача расмийлаштирилган товарлардан ташқари). Тақиқ президентнинг июль ойидаги заргарлик саноатини ривожлантириш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Шу билан бирга, импорт қилинадиган тақинчоқлар учун божхона тўловлари 2026 йил охиригача 10 фоизгача пасайтирилди. Бундан ташқари, жисмоний шахсларга таркибида 200 граммгача кумуш ёки 65 граммгача олтин бўлган маҳсулотларни декларацияламасдан олиб чиқишга рухсат берилди.

Айни пайтда схема аъзолари АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси, Намибия, Танзания, Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Япония, Индонезия ва бошқа давлатлар ҳисобланади.

Mavzuga oid materiallar