DHL юк самолёти Вильнюс аэропорти яқинидаги икки қаватли турар-жой биносига қулаб тушди, дея хабар берди Делфи портали. ЙТҲ маҳаллий вақт билан соат 5:31 да Жирню кўчаси ҳудудида содир бўлган.
Бортда тўрт киши - икки учувчи ва икки йўловчи бор эди. Delfi маълумотларига кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши касалхонага ётқизилган. Қутқарувчилар, шунингдек, учувчини кабинадан олиб чиқишган, у ўзига келган. Самолёт қулаган уйда 4 та квартира бўлиб, уларда 12 киши яшайди. Уларнинг барчаси эвакуация қилинган, ҳеч ким жабрланмаган.
«Ҳозирда воқеа жойида шаҳар хизматлари, ўт ўчириш машинаси ва Вилнюс аэропорти тезкор гуруҳи иш олиб бормоқда. Аэропорт фаолияти бузилмаган», — дейилади хабарда.
LRT маълумотларига кўра, юк самолёти Лейпцигдан Вильнюсга учган. Унинг бортида қандай юк борлиги номаълум. DHL Lietuva бош директори Миндаугас Пиворюнаснинг сўзларига кўра, самолёт пудратчи Swiftair га тегишли бўлган.
FlightAware маълумотларига кўра, гап Лейпцигдан Москва вақти билан соат 5:08 да учган ва соат 6:28 да Вильнюсга қўниши керак бўлган Boeing 737-499 ҳақида кетмоқда. Самолёт қўнишдан тахминан 20 дақиқа олдин пасайишни бошлаган.