Транспорт прокуратураси бошқа авиакомпанияларни Humo Air хатоларини такрорламасликка чақирди

O‘zbekiston

Ўзбекистон транспорт прокуратураси Humo Air авиакомпаниясига бекор қилинган рейслар учун чипта пулларини йўловчиларга қайтаришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Бошқа авиакомпаниялар шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш ва парвозлардаги кечикишлар сонини камайтириш учун зарур чораларни кўриши керак, дейилади хабарда.

«Ўзавиация» агентлигида транспорт прокурори Шерзод Мамажонов ва Ўзбекистон Республикаси авиакомпанияларининг вакиллари билан Humo Air авиакомпанияси томонидан бекор қилинган парвозлар билан боғлиқ масала юзасидан муҳокама учрашуви бўлиб ўтди.

Йиғилишда Мамажонов Humo Air авиакомпаниясидан чипта сотиб олган йўловчилардан авиакомпания ўз мажбуриятларини бажармаётгани ва пулларни қайтариш кечикиши юзасидан прокуратурага кўплаб мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди.
«Учрашув якунида Humo Air авиакомпаниясига мазкур вазиятдан чиқиш бўйича зарур топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, бошқа авиакомпаниялар ҳам шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, турли асоссиз сабабларга кўра парвозлар кечикишлар сонини камайтириш чораларини кўришга чақирди.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда Транспорт вазирлиги, Ўзавиация агентлиги, аэропортларнинг таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш топширилди.

Аввалроқ 10 март куни лоукостер халқаро рейсларни йўлга қўйишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб парвозларни тўхтатгани ва бекор қилинган рейслар учун пул қайтарилишини ваъда қилгани ҳақида ёзган эдик.

Компания апрель ойида Қозоғистон, БАА, Туркия, Хитой, Қатар ва Озарбайжонга рейсларни йўлга қўйишга тайёрланаётганини тушунтирган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.