Авто ва мототранспорт воситаларининг олди-сотдиси онлайн режимда амалга оширилиши мумкин, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева.
Бунинг учун E-notarius.uz ахборот порталидан фойдаланилади. Унда «Нотариал ҳаракатни расмийлаштириш» танланади ва шахсга оид маълумотлар киритилиб, нотариал ҳаракат яратилади.
Сотувчи транспорт воситасини танлайди ва нархини, шунингдек, харидорнинг маълумотларини (ЖШШИР, паспорт рақами ва серияси, телефон рақами) киритади. Сотиб олувчининг телефонига бу ҳақда SMS хабарнома юборилади. Сотиб олувчи ҳаволага кириб Face-ID орқали верификациядан ўтади ва розилигини тасдиқлайди.
Белгиланган вақтда нотариус тарафлар иштирокида видеоалоқа орқали нотариал ҳаракатни расмийлаштиради. Битимнинг асл нусхалари тарафларга курерлик (почта) хизмати орқали юборилади.
