Автоблогерлар монополия яхши эканини айтишди: уларга UzAuto Sanoat пул тўлагани маълум бўлди

O‘zbekiston

Ижтимоий тармоқларда маҳаллий блогерлар мамлакатдаги монополия иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатаётгани ва аҳолига зарар келтирмаслиги ҳақида фикр билдира бошлади. Уларга UzAuto Motors томонидан пул тўлангани маълум бўлди ва бу фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

2 апрель куни YouTubeʼдаги ZOR KETVOS каналида блогерлар Отабек Жўраев (Iwash) ва Шерзод Жалолов (Choynakning qopqogʻi) иштирокида подкаст бўлиб ўтди. Блогерлар интервьюда мамлакатдаги монополия иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатиши ва аҳолига зарар келтирмаслигини таъкидлади.

Кейинчалик уларга UzAuto Sanoat томонидан пул тўлангани маълум бўлди ва бу фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

2023 йил декабрь ойида UzAuto Sanoat компаниясига PR хизматларини кўрсатиш бўйича тендер ўтказилди. Тендернинг дастлабки нархи 5 млрд сўмга баҳоланган.

Ушбу тендерда GRANDPR ва WE ARE DIGITAL компаниялари иштирок этган, 4 млрд 256 млн сўмлик нарх таклифи билан GRANDPR компанияси ғолиб бўлган.

Иштирокчилардан тушган таклифлар ҳақидаги маълумотларда GRANDPR бошқа блогерлардан ташқари ўз агентлиги блогерлари сифатида Отабек Жўраев (Iwash) ва Шерзод Жалолов (Choynakning qopqogʻi)ни тилга олиб, имзоланган шартномаларни илова қилган. Шартнома парчалари ижтимоий тармоқларда тарқалди.



UzAuto Sanoat бу ҳолатга изоҳ бериб, бу ҳужжатни «сохта» деб атади ва шартноманинг компанияга ёки UzAuto Motorsʼга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ишонч билан таъкидлади.
«Компаниялар блогер таърифига кирувчи шахсларнинг ҳеч бири билан шартнома муносабатларига эга эмас», — дейилади баёнотда.

Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган шартномаларда UzAuto Motors компаниясининг GRANDPR компанияси билан имзоси ва муҳри бор.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.