Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида IT-шаҳарлар ташкил этилади

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёевга мамлакатда рақамли технологияларни ривожлантириш, бу соҳада ёшларни ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди. Ўзбекистоннинг ўн бешта ҳудудида IT-шаҳарлар ташкил этилади.

Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсди, 200 миллион долларлик экспорт қилинди, 5 мингта иш ўрни яратилди.

Лекин ҳудудлар кесимида қараганда, IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келади. Мутахассисларнинг 80 фоизи шу ерда яшайди.

Шу боис бу соҳани чекка ҳудудларда ҳам ривожлантириш мақсадида, IT-шаҳарчалар ташкил этиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, бундай масканлар дастлаб 15 та ҳудудда — Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ташкил қилинади. Уларда йилига 10 мингга яқин ёшлар IT, чет тили ва бошқа замонавий касблар бўйича бепул ўқитилади.

Шунингдек, ҳар йили шаҳарчаларда ўн мингга яқин ёшлар ахборот технологиялари, хорижий тиллар ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни бепул ўрганади.

«Шиддат билан ўзгараётган даврда ҳамма соҳага ахборот технологияларини биладиган кадрлар керак. Бу соҳада хизматлар учун ҳам, экспорт учун ҳам энг асосий ресурс бу – малакали мутахассислар. IT-шаҳарчалар бу йўлда ёшларга қанот бўладиган, замонавий касбларга ўргатадиган тизим бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.