Грузия парламенти мамлакат президентининг «Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга асослантирилган изоҳига қарши овоз берди ва шу тариқа вето ҳуқуқини енгиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
Қарор 50 кворум билан 66 депутат томонидан қабул қилинди. Шундан сўнг қонуннинг асл нусхаси учун овоз берилди. Уни 76 кворум билан 84 депутат қўллаб-қувватлади.
Тартибга кўра, қонун имзолаш учун мамлакат президенти Саломе Зурабишвилига юборилади. Давлат раҳбарига беш кун муддат берилади. Агар у ҳужжатни имзоламаса, парламент спикери Шалва Папуашвили имзо чекади. Шундан сўнг қонун баъзи моддалардан ташқари деярли тўлиқ кучга киради.
Саломе Зурабишвили бу ташаббус мухолифларини Европа келажаги бўйича референдум ўтказиш тарафдори бўлиб чиқишга чақирди.
«Бугун сизда бўлган бу куч имзо тўплаш ва уларни менга етказиш учун сарфланиши керак. Мен референдум тўғрисидаги фармонга имзо чекаман — биз Европа келажагини хоҳлаймизми ёки рус қуллигиними?» — деди Зурабишвили намойишчиларга мурожаатида.
Грузиянинг «Референдум тўғрисида»ги қонунига кўра, агар ҳукумат, парламент ёки камида 200 минг фуқаро талаб қилса, президент уни ўтказиш тўғрисида эълон қилишга ваколатли ҳисобланади.
Грузия парламенти 14 май куни «Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилди.
Унга кўра, чет элдан маблағлари йиллик даромадининг 20 фоизидан ортиғини ташкил этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари «хорижий кучлар манфаатларини ҳимоя қилувчи» ташкилотлар сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.
Буни қилишдан ва оммавий декларация топширишдан бош тортган ҳар бир киши жаримага тортилади. Бундан ташқари, бундай ташкилотлар исталган вақтда текширувдан ўтиши мумкин бўлади ва мансабдор шахслар улардан манфаатдор барча маълумотларни, шу жумладан шахсий маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватламайди ва ҳатто парламент томонидан қабул қилинишидан олдин унга вето қўйишини маълум қилган. Президент бу ишни норозилик намойишлари фонида амалга оширган.