Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги ихтисослаштирилган комиссия Davr Bankʼка «Реклама тўғрисида»ги ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талабларига риоя этмагани учун жарима қўллади.
Текширув давомида банк мижозларга 50 миллион сўмгача онлайн микрокредитлар таклиф этгани аниқланди. Кредитлаш муддати 60 ойгача бўлиб, фоиз ставкаси 43 фоизни ташкил этган. Бироқ рекламада микроқарз ҳақидаги тўлиқ маълумот, жумладан қўшимча шартлар ва муҳим тафсилотлар кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги LED-экранли реклама объектларида тадбиркорларга 24 фоиз эвазига 5 миллиард сўмгача кредит таклиф қилувчи банк рекламалари жойлаштирилган.
Кейинги таҳлиллар натижасида кредит асосий воситаларни сотиб олишга мўлжаллангани ва фоиз ставкаси аслида 32,99 фоизни ташкил этиши маълум бўлди.
Банкка аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўриш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси «Агробанк»нинг Навоий вилояти бошқармасига қарийб 2,1 миллиард сўмлик тендер савдоларини ўтказишда қонун ҳужжатларини бузганлиги учун чора кўрилгани ҳақида хабар берганди.