Россия Давлат думаси «хорижий агентлар»га муаллифлик тўловларини чеклашга тайёрланмоқда

Dunyo

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин «ҳали чет эл агенти деб эълон қилинмаган, аммо мамлакатни тарк этган ва уни танқид қилаётганлар»га нисбатан чоралар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳукумат «хорижий агент» деб эълон қилинган шахсларга интеллектуал фаолият учун маблағ тўлаш тартиби тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрламоқда.

Вячеслав Володин | Фото: Марат Абулхатин / ТАСС

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин «чет эл агенти деб тан олинмаган, аммо мамлакатдан чиқиб кетган ва Россияни танқид қилаётганлар»га нисбатан муҳокама қилинаётган чоралар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда у 7 ноябрь куни ўзининг Telegram каналида ёзди.

Володиннинг айтишича, Россия ҳудудидаги кўчар ва кўчмас мулкдан, шунингдек, уни сотишдан фойда олишни тўхтатиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, Давлат думаси спикери чет эл агентлари деб тан олинган шахсларга интеллектуал фаолият учун маблағ тўлаш тартибини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Қонун лойиҳасига кўра, чет эл агентлари фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижро ва фонограммалар, радио ёки телевидение хабарлари, шунингдек, ихтиролар ва товар белгиларидан фойдаланишдан оладиган маблағларга махсус тўлов тартиби қўлланилади.

Володин таъкидлашича, хорижий агентларнинг ижодий фаолиятидан олинган ҳар қандай даромадлари улар пул олишлари мумкин бўлган махсус рубль ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Россияни вайрон қилиб, унинг фуқароларини ва махсус ҳарбий операция иштирокчиларини ҳақорат қилаётганлар мамлакатимиз ҳисобидан фойда кўрмаслиги керак», — деди Володин.

Давлат думаси спикери хорижий агентларга тўловлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси келгуси ҳафтадаёқ (11 ноябрдан 17 ноябргача) кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирди. Парламент релокантлар бўйича ташаббусни қачон кўриб чиқиши ҳозирча номаълум.

Вячеслав Володин март ойида хорижий агентларга муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар учун мукофот тўлашни тақиқлаш режалари ҳақида хабар берган эди.

Mavzuga oid materiallar