Қирғизистонда Ўзбекистонга олиб борувчи яна бир туннель топилди

Янгиликлар

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида уйлардан бирида Ўзбекистонга олиб борувчи яна бир туннель топилди. Бу сафар ўтиш жойи Наманган вилояти томон қазилган. Унинг чуқурлиги 12,5 метр.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида маҳаллий аҳолидан бирининг уйидан Ўзбекистоннинг Наманган вилояти томон олиб борувчи ер ости туннели топилди.

Қирғизистон полициясига кўра, туннелдан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва юкларни олиб ўтиш учун фойдаланилган.
«Туннелнинг чуқурлиги 12,5 метрни ташкил этади, тушиш учун махсус зинапоялар мавжуд. Туннелнинг узунлиги 350 метр, баландлиги 2 метр 20 см, кенглиги эса 1 метрни ташкил этади», — дея хабар қилди Қирғизистон Республикаси ИИВ.

Эслатиб ўтамиз, 19 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХҚ) томонидан миграция ва контрабанданинг ноқонуний каналларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлари давомида Ўзбекистонга ноқонуний равишда юк ва шахслар олиб ўтилаётган туннель аниқланган эди. Туннелнинг чуқурлиги 15 метр, умумий узунлиги 130 метр, Қирғизистон Республикаси давлат чегарасигача бўлган масофа 50 метр, баландлиги 1 метр 70 см бўлган.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.