Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари Грузиянинг ЕИга кириш жараёни ҳақиқатда «хорижий агентлар» тўғрисидаги янги қонун туфайли тўхтатилганини маълум қилди, деб ёзади DW. Бу қонун 27 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича эълон қилинган Еврокомиссиянинг Грузияга ЕИга аъзо бўлиш учун номзод мақомини бериш бўйича тавсияларига зид келади.
Ҳужжат Грузия расмийларини амалдаги ҳаракат йўналишини ўзгартиришга чақиради, бу Грузиянинг Европа Иттифоқига қўшилишига тўсқинлик қилиши ва қўшилиш жараёнини самарали тўхтатиши мумкин.
Грузия 2022 йил декабрида Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олди. Шу ҳафта бошида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель ЕИ мақомни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди.
Июнь ойи бошида Грузияда «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Грузия мухолифати Россиянинг «хорижий агентлар» ҳақидаги қонуни билан қиёслаган бу қонун фуқаролар ва мухолифатнинг кенг кўламли норозилигига сабаб бўлган бўлсада, 3 июнь куни парламент раиси Шалва Папуашвили томонидан имзоланган. Бундан ташқари, президент Саломе Зурабишвили вето қўйди, бироқ ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси депутатлари уни бекор қилишди.
Янги қонунга кўра, Грузия Адлия вазирлиги 60 кун ичида барча зарур меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва электрон портал яратиши керак. Молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хорижий манбалардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ушбу порталда хорижий давлат манфаатларини кўзловчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Шунингдек, улар 2023 йил учун молиявий ҳисоботларини эълон қилиши керак.