16 сентябрга ўтар кечаси «Эмми-2024» маросимининг асосий қисми бўлиб ўтди. Маросимда ўтган йилнинг энг яхши телелойиҳалари эътироф этилди. 2024 йилда ФХ ва Ҳулуъдан «Шогун» бош ғолиб бўлди.
Сериал тўртта мукофотга сазовор бўлди — энг яхши драматик сериал, энг яхши эркак ва аёл роли, шунингдек, энг яхши драма режиссёри учун. Уларга яна Creative Arts Emmyдаги 14 та мукофот қўшилди, бу эса сериални 18 та ғалаба билан бу йилги мутлақ рекордчига айлантирди.
«Шогун» — 18 ғалаба
«Шогун» драматик сериали 2024 йилда турли тоифаларда 25 та номинацияни қўлга киритиб, «Эмми» мукофотининг ғолиби бўлди. Hulu стриминг хизматининг ушбу лойиҳаси Жеймс Клавеллнинг шу номдаги тарихий романининг иккинчи экранлаштириши ҳисобланади. Биринчи версия 1980 йилда суратга олинган эди.
Сериал воқеалари XVII аср бошларида Японияда кечади. Бош қаҳрамон — инглиз штурмани Жон Блекторн (Космо Жарвис ижросида). Кемаси ҳалокатга учраганда у мўъжизавий тарзда ўлимдан қутулади ва европаликлар учун ёпиқ бўлган мамлакатга тушиб қолади. Бу ерда у асирликдан Хироюки Санада ижро этган самурай Ёси Торанаганинг энг яқин сафдошига айланиш йўлини босиб ўтиши керак бўлади.
Дастлаб сериал мини-сериал сифатида режалаштирилган эди, аммо 2018 йилдаги муваффақиятли дебютидан ва юқори рейтингларидан сўнг, уни яна икки мавсумга узайтиришга қарор қилинди. Танқидчилар «Сёгун»ни кўлами жиҳатидан «Тахтлар ўйини» билан таққослашмоқда. Ушбу лойиҳа қисман япон тилида суратга олинган ва «Эмми» мукофотига номзод бўлган биринчи сериал бўлди.
«Айиқ» — 11 ғалаба
«Айиқ» сериали комедия лойиҳалари орасида «Эмми» мукофотига номзодлар сони бўйича рекорд ўрнатди. Бу йил у 23 та тоифада номзод бўлди. Шунга қарамай, шоу мухлислари унинг сюжети комедия жанридан узоқлиги ва ҳар доим ҳам кулгига сабаб бўлмаслигини таъкидлади.
Сериалнинг бош қаҳрамони Кармен «Карми» Берзатто — юқори савияли ресторанда ишлайдиган истеъдодли ёш ошпаз. Сюжетга кўра, у акасидан қолган оилавий ресторанни бошқариш учун ўз она шаҳри Чикагога қайтишга мажбур бўлади.
«Айиқ» ижодкорлари учун бу 2024 йилда «Эмми» мукофотидаги иккинчи муваффақият бўлди. Январь ойида Ҳулу лойиҳаси 10 та ғалаба қозониб, мукофотлар сони бўйича етакчиликни эгаллади.
Бу сафар сериал 11 та мукофотни қўлга киритиб, ўз рекордини янгилади. Улардан тўрттаси прайм-тайм «Эмми» мукофоти доирасида: комедия сериалидаги энг яхши эркак роли учун (Жереми Аллен Уайт), комедия сериалидаги энг яхши эркак иккинчи даражали роли учун (Эбон Мосс-Бакрак), комедия сериалидаги энг яхши аёл иккинчи даражали роли учун (Лиза Колон-Заяс) ва энг яхши комедия режиссёри учун.
«Буғуча» — 6 ғалаба
2024 йилнинг энг яхши сериалларидан бири «Буғуча» апрель ойида Netflixʼда намойиш этилди. У ушбу лойиҳада бош ролни ижро этган комедиячи ва сценарий муаллифи Ричард Гедднинг ҳақиқий ҳаётий ҳикоясига асосланган.
Донни Данн Лондонга стендап-артист сифатида муваффақиятли карьера қуриш орзусида келади. Бироқ, узоқ вақт давомида унинг уринишлари натижа бермайди ва у маҳаллий пабда вақтинча бармен бўлиб ишлашга қарор қилади. Бир куни ресторанга йиғлаб кирган Марта Доннининг эътиборини тортади. Унга ачингани учун чой таклиф қилади ва бу танишув кутилмаган оқибатларга олиб келади — Марта эркакка обсессив равишда боғланиб қолади ва уни таъқиб қила бошлайди.
Экранга чиқарилгандан сўнг, сериал ҳақиқий хитга айланди. Rotten Tomatoes сайтида у 98% ижобий шарҳларни тўплади ва намойиш этилганидан кейин икки ҳафта ичида кўришлар сони 13 миллиондан ошди.
«Эмми» прайм-тайм мукофотида Америка телевидение академияси лойиҳани тўртта мукофот билан тақдирлади: энг яхши мини-сериал, мини-сериалдаги энг яхши эркак роли (Ричард Гедд), мини-сериалдаги энг яхши иккинчи даражали аёл роли (Жессика Ганнинг) ва мини-сериалнинг энг яхши сценарийси учун. Emmy Creative Arts Emmy мукофотида «Буғуча»нинг умумий ғалабалари сони олтитага етди.
Мукофотнинг барча номинациялари қуйида келтирилган:
Энг яхши драматик сериал: «Шогун»;
Драматик сериалдаги энг яхши актриса: Анна Саваи — «Шогун»;
Драматик сериалдаги энг яхши актёр: Хироюки Санада — «Шогун»;
Драматик сериалда иккинчи даражали энг яхши актриса: Элизабет Дебики — «Тож»;
Драматик сериалда иккинчи даражали энг яхши актёр: Билли Крудап — «Эрталабки шоу»;
Энг яхши комедик сериал: «Айёрликлар»;
Комедик сериалдаги энг яхши актриса: Жин Смарт — «Айёрликлар»;
Комедик сериалдаги энг яхши актёр: Жереми Аллен Уайт — «Айиқ»;
Комедик сериалда иккинчи даражали энг яхши актриса: Лайза Колон-Заяс — «Айиқ»;
Комедик сериалда иккинчи даражали энг яхши актёр: Эбон Мосс-Бакрак — «Айиқ»;
Энг яхши мини-сериал: «Буғуча»;
Мини-сериал/антология/телефильмдаги энг яхши актриса: Жоди Фостер — «Ҳақиқий детектив: Тун мамлакати»;
Мини-сериал/антология/телефильмдаги энг яхши актёр: Ричард Гедд — «Буғуча»;
Мини-сериал/антология/телефильмда иккинчи даражали энг яхши актриса: Жессика Ганнинг — «Буғуча»;
Мини-сериал/антология/телефильмда иккинчи даражали энг яхши актёр: Ламорн Моррис — «Фарго»;
Драматик сериалнинг энг яхши режиссёри: Фредерик И. О. Той — «Шогун»;
Драматик сериалдаги энг яхши сценарий: Уилл Смит — «Секин отлар»;
Комедик сериалнинг энг яхши режиссёри: Кристофер Сторер — «Айиқ»;
Комедик сериалдаги энг яхши сценарий: Лучия Анелло, Пол В. Даунс, Жен Статски — «Айёрликлар»;
Мини-сериал/антология/телефильмнинг энг яхши режиссёри: Стивен Зеллиан — «Рипли»;
Мини-сериал/антология/телефильмнинг энг яхши сценарийси: Ричард Гедд — «Буғуча»;
Энг яхши реалити-шоу (мусобақа): «Хоинлар»;
Энг яхши кўнгилочар лойиҳа (жонли эфир): «Оскар» мукофотининг 96-маросими.
«Эмми» — АҚШда топшириладиган халқаро телевизион мукофот. «Эмми» «Оскар» (кино учун), «Гремми» (мусиқа учун) ва «Тони» (театр учун) мукофотларининг телевизион эквиваленти ҳисобланади.