Таиланд ҳукумати иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида аҳолига 145,6 млрд бат (4,4 млрд доллар) нақд пул тўлашга қарор қилди, деб хабар бермоқда The Straits Times.
Тўловлар мамлакатнинг 14,6 млн аҳолиси, шу жумладан 12,4 млн давлат ижтимоий таъминот карталари эгалари ва 2,15 млн ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган.
Маълумотларга кўра, тўловлар ҳар бир олувчига 10 минг бат миқдорида амалга оширилади. Тўлов жараёни 25 сентябрда бошланади ва центябр ойининг охиригача якунланиши кутилмоқда.
Сентябрь ойи бошида лавозимга кирган Таиланднинг янги бош вазири Пхетхонгтхан Чинават мамлакат иқтисодиётини қайта тиклашга интилмоқда. Сўнгги ўн йил ичида Таиланд ялпи ички маҳсулоти йилига тахминан 2% га ўсди, бу қўшни Индонезиянинг ўсиш суръатларининг ярмидан камроғини ташкил қилади.
Расмий прогнозларга кўра, аҳолига тўловлар жорий йилда Таиланд ялпи ички маҳсулотининг ўсишини 35 та базавий пунктга тезлаштиради. Ҳукуматнинг аввалги раҳбари Сеттха Тависин ҳам рақамли ҳамён дастури орқали 45 миллионга яқин вояга етган таиландликларга нафақа тўлашга ваъда берганди. Бироқ янги бош вазир бошқа аҳоли учун нафақаларни келгуси йилгача қолдириб, биринчи навбатда жамиятнинг энг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлашга қарор қилди.
Иккинчи чоракда мамлакат иқтисодиёти 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 2,3% га ўсди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилда Таиланд аҳолиси 71,7 млн кишини ташкил этган.