Путин собиқ СССР ишлаб чиқариш занжирларини қайта тиклашни таклиф этди

Dunyo

«Валдай» клубининг пленар мажлисида Россия президенти Владимир Путин собиқ СССР давлатлари билан ишлаб чиқариш занжирларини тиклашга чақирди. Унинг фикрича, бундай тизим янада барқарор бўлиб, барча иштирокчилар учун доимий иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Выступление Владимира Путина на заседании дискуссионного клуба "Валдай" Фото: Кристина Кормилицына/РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Россия ва собиқ СССР республикалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тиклашни таклиф қилди. У бу ҳаракат мазкур мамлакатларда кўпроқ иш ўринлари яратилишига олиб келишини, бу эса ўз навбатида меҳнат муҳожирларининг бир қисмига ватанларига қайтиш имконини беришини таъкидлади, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Биз у ерларда маълум маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг умумий занжирига киритиладиган корхоналар ташкил этишимиз керак. Биз уларга буюртмалар бериб турамиз. Улар маълум қисмларни ишлаб чиқарадилар. Якуний йиғиш бизда ёки уларда бўлиши мумкин. Шунда нафақат Ўзбекистонда, балки Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам одамлар ўз ватанларида иш топишади. Ўз она тили, ўз маданияти муҳитида яшайдилар. Лекин умуман олганда, бу умумий ҳамкорлик бўлади. Маълум маънода биз Совет Иттифоқи доирасида мавжуд бўлган ҳамкорлик занжирларини қайта тиклашимиз керак. Албатта, янги технологик асосда. Янги логистик базада», — деди президент «Валдай» клубининг пленар мажлисида сўзга чиқиб.

Унинг сўзларига кўра, бундай тизим янада барқарор бўлиб, барча иштирокчилар учун доимий иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик депутат Евгений Фёдоров республикаларнинг СССРдан чиқишини ғайриқонуний деб атаган эди. Ўзбекистонда эса депутатни «хаёлпараст» деб аташди.

Mavzuga oid materiallar