Социологик тадқиқотлар маркази (СТМ) директори Наталя Исаева 1 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 75 сайлов округидаги 150 та сайлов участкасида сайловчилар ўртасида сўров ўтказилганини маълум қилди. Тадқиқотда 136 520 нафар сайловчи иштирок этди.
Сўров натижаларига кўра, «Ени Озарбайжон» партияси сўров ўтказилган 75 та округдан 45 тасида энг кўп овоз тўплаб, ишончли ғалабага эришди, бу умумий овозларнинг 60 фоизини ташкил этади.
Бу йил Озарбайжонда парламент сайловлари Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси кузатувчилари иштирокисиз ўтказилди. Бу президент июнь ойи охирида депутатларнинг илтимосига кўра парламентни тарқатиб юборгани туфайли юз берди. Улар ноябрь ойида Бокуда ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг иқлим бўйича саммитига (COP29) халақит бермаслик учун ўз-ўзини тарқатиб юборишга қарор қилди.
Асосий мухолиф партия — Озарбайжон Халқ фронти партияси сайловларни бекорчи деб ҳисоблаб, уларни бойкот қилди.
«Шаффофлик мутлақо йўқ. Бу сайловларда иштирок этишимизнинг нима кераги бор?» - деди партия раиси маслаҳатчиси Мамед Иброҳим.
Бойкотга Озарбайжон Демократик кучлари миллий кенгаши ҳам қўшилди. Сайловда иштирок этган ягона мухолиф партия «Мусават» партияси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, «Ени Озарбайжон» — Озарбайжондаги ўнг марказий сиёсий партия ҳисобланади. Бу ҳукмрон президентпараст партия бўлиб, расмий маълумотларга кўра, 2024 йилга келиб унинг сафида 730 минг аъзо бор. 1995 йилдан бери унинг вакиллари Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти)даги ўринларнинг аксариятини эгаллаб келмоқда.
2005 йил март ойи охирида партия раиси лавозимига президент Илҳом Алиев тайинланганди. У бу лавозимда 2003 йилда вафот этган отаси — партия асосчиси Ҳайдар Алиевнинг ўрнини эгаллаган.