Биткоин курси 96 минг доллардан ошиб, янги рекорд ўрнатди

Dunyo

Биткоин нархи ўз тарихида биринчи марта 96 минг доллардан ошиб, янги тарихий юқори чўққини забт этди. Ноябрь ойи бошида АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг криптовалюта курси кескин кўтарила бошлади.

Биткоин яна бир бор тарихий рекордни янгилади. Криптовалюта биржасида битта танганинг қиймати 96 минг долларга етди.

Кеча биткоин нархининг тарихий рекорди янгиланди — криптовалюта биржасида битта танга 94 минг АҚШ доллари нархида сотилди, бироқ бу нархлар узоққа чўзилмади.

21 ноябрь куни криптовалюта курси кескин кўтарилиб, 96 минг доллардан ошиб кетди. Coindesk маълумотларига кўра, мақола ёзилаётган пайтда битта танганинг энг юқори нархи 96 579,70 долларга етган.

Шундай қилиб, бир суткадан камроқ вақт ичида биткоин курси 2,57 фоизга ошди. Ой бошидан буён ўсиш 36,49 фоиздан ортиқни ташкил этди. Агар криптовалютанинг ўтган йилги қийматини ҳисобга олсак, у бир йўла 158,72 фоизга қимматлашгани маълум бўлади — ўшанда битта биткоин тахминан 37 минг доллар турарди.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар биткоин нархининг ошишини Дональд Трампнинг АҚШ сайловларидаги ғалабаси билан боғламоқда. Бунинг сабаби сиёсатчининг криптовалюталарга нисбатан ижобий муносабатида.

Mavzuga oid materiallar